1974 йил 1 январь куни “Куйла, Санобар” фильм-концерти Ўзбекистон телевидениеси орқали эфирга узатилди. Очиғи, бу менинг ҳаётимда чуқур из қолдирган, болалик ва ёшлик орзуларим мужассам бўлган, халқимизнинг оддий чўпон қизига кўрсатган муруввати эди. Фильм мени бутун Марказий Осиёга машҳур қилиб юборди.

 

Йўллар… Равон ва кенг… Машина ойнасидан далаларга, боғларга нигоҳ соларканман, руҳиятнинг шаффоф манзилларидан болаликнинг беғубор нафаси, шижоати йўғрилган Санобарнинг қувноқ овози эшитилгандай бўлади:

Сабо, келтир хабар қишлоқларимдан,

Безанган гулшанимдан, боғларимдан.

Шаҳарга яқинлашганимизда Санобарнинг тўлқинли овози эшитилади:

Андижоним, гўзал шаҳрим, гулларга консан,

Шўх йигитлар, барно қизлар   — ҳурларга консан.

Хаёлимда юракни ҳайратга чулғайдиган фикрлар чағалайдек айлана бошлайди. Гўё Санобар ўттиз олти йил аввал Андижоннинг ранг-баранг гулларга бурканишини сезгандай, бола қалби, беғубор туйғулари билан бугунги ВАТАН манзараларини тасаввур қилгандай…

Таниқли санъаткорлар – Санобар Раҳмонова ҳамда Илҳом Жўраевнинг хонадони Асакадан ўн беш километрча олисдаги Қайрағоч қишлоғида. Оддий, саранжом-саришта ҳовли-жой. Сўри ток, ишком, ҳовли саҳнини кўриб дил яйрайди.

* * *

ХХ асрнинг 70-йиллари охири, 80-йиллар бошидаги Ўзбекистон қўшиқчилик санъати ғунчалари оламини Санобар Раҳмоновасиз тасаввур қилиб бўлмасди. Унинг майин, юрак тубига етиб борадиган, баҳор ҳавосидек ҳаётбахш овози болалар ва ёшларнигина эмас, катталарни ҳам ўзига ром этган эди.

Хонанда бизни самимий қаршилади. Қўшиқ куйлаётганда оҳангларга уйғунлаштириб мухлисга ҳадя этадиган табассуми ҳалиям ўзига ярашиб турибди. Илҳомжоннинг қадди-қомати келишган икки ўғли — Исломбек ва Ихлосбек онаси билан бизга пешвоз чиқишганда оиладаги эҳтиром ва якдилликни ҳис этдик… Салкам икки соат суҳбатлашдик..

* * *

Санобархон, санъат оламига кириб келганингизда анча ёш эдингиз, аммо жуда тез довруғ қозондингиз. Ўша шукуҳли даврлар ҳақида сўзлаб берсангиз.

— Учинчи синфдалигимда синф раҳбаримиз, мусиқачи Носиржон ака Мирзараҳимов овозимни тинглаб, бир-иккита қўшиқлар ўргатди. “Санъат ғунчалари” танловида қатнашдим. 5-синфдалигимда устоз ўуломжон Рўзибоевга овозим ёқиб қолди, шекилли, Олимжон Холдор сўзи билан “Андижоним, гўзал шаҳрим” қўшиғини ўргатди. Бу қўшиғим кўпчиликка маъқул келди. “Марҳабо, талантлар” республика кўрик-танловида қатнашдим. Афсуски, ёшим кичик бўлгани учун танловдан ташқари иштирок этдим. Ҳайъат аъзолари таркибида Ўзбекистон халқ шоири Тўроб Тўла бор экан, қўшиғимни эшитиб, “Рўйхатда бўлганда энг юқори балл берган бўлардик”, деди. Танловдан қайтганимдан кейин туманлар, вилоятларда ўтказилган нуфузли тадбирларда қатнашдим. 1973 йилдаги воқеа ҳаётимда туб бурилиш ясади, десам хато бўлмайди…

Асакада пахта терими олдидан вилоят қишлоқ хўжалиги ходимларининг кенгаши бўлди. Кенгашда Ўзбекистон раҳбари Шароф Рашидов ҳам иштирок этаётган эди. Тадбир тугагандан сўнг вилоят санъаткорлари катта концерт берди. Навбатим келганида “Андижоним…”ни куйлаганимдан кейин тинимсиз, гулдурос қарсаклар бўлавергач, “Онажоним” қўшиғини ҳам ижро этдим. Шароф ота эшитиб, “Бу қизимиз Ҳалима Носировадан кейинги ноёб талантимиз экан, унга ёрдам беринглар”, дея раҳбарларга тайинлабдилар. Чин маънода омадим келди. Қаерга борсам, одамлар олқишлар билан кутиб олишар, қўшиқларимни берилиб тинглашарди. Бир неча кундан сўнг “Ўзбектелефильм”дан режиссёр Ҳожимурод Иброҳимов келиб, ҳамкорликда ишлай бошладик. Ўн бешта янги қўшиқ ўргандим.

Тўғрисини айтганда, Санобар у вақт­ларда мусиқа, нота, шеър, ритм, овоз нима эканини яхши билмасди. Фақат чин юракдан, самимий, завқ-шавқ билан куйлашни, гўзал туйғуларини қўшиқларда, бетакрор оҳангларда ифода этишни биларди, холос…

Устоз санъаткор ўуломжон Рўзибоев, режиссёр Ҳожимурод Иброҳимов хонанданинг истеъдод қирраларини очиш, имкониятларини рўёбга чиқариш учун яхши ният билан ҳаракат қилишди. Бадиий кенгаш ҳар бир сўз, мусиқани чиғириқдан ўтказди, саккизта қўшиғини (“Устозлар”, “Сабо, келтир хабар…”, “Ёшлигим”, “Андижоним…”, “Пахтакорлар”) Ўзбекистон радиоси фондига ёзишга рухсат берилди. Сўнг шу қўшиқлар асосида “Куйла, Санобар” деб номланган фильм-концерт яратишга киришилди. Фильм лавҳалари Андижон, Ширмонбулоқ, Боғишамол, Олой тоғларида, Тошкентда суратга олинди.

Ҳали ўн тўртга ҳам тўлмаган қиз бир олам таассуротлар, завқ-шавқ, беғубор орзу-истаклар билан жонажон мактабига қайтганда унга ҳавас қилмаган, шодлик ва қувончига шерик бўлмаган мактабдоши, ҳамқишлоғи қолмаган эди.

— Ниҳоят биз ва устозлар, минглаб мухлислар орзиқиб кутган лаҳзалар келди, — дея давом этди Санобар. — 1974 йил 1 январь куни “Куйла, Санобар” фильм-концерти Ўзбекистон телевидениеси орқали эфирга узатилди. Очиғи, бу менинг ҳаётимда чуқур из қолдирган, болалик ва ёшлик орзуларим мужассам бўлган, халқимизнинг оддий чўпон қизига кўрсатган муруввати эди. Фильм мени бутун Марказий Осиёга машҳур қилиб юборди. Тожикистон, Қирғизистон, Озарбойжон ва республикамизнинг барча вилоятларидан даста-даста хатлар келарди. Ҳатто айрим кунлари ярим қоп хат олардим. Дил изҳорлари битилган бир неча қоп мактубни ҳозир ҳам сақлайман.

Ўша пайтлар ёшлар қўшиқларимни магнитофонга ёзиб олар, радиодан тез-тез қўшиқларим янграб турарди. Афсуски, бир ой ўтгач, қиш кунлари қаттиқ бетоб бўлиб қолдим. Врачлар кеч куздаги пахта теримида дори сепилган майдонда пахта териб, сув ичиши натижасида ичтерлама бўлган, дея ташхис қўйишди. Касалхонада анча даволандим. Тадбирларда, танловларда иштирок этолмадим. Ҳақиқий аҳволни билмаганлар: “Онаси ўгай экан, сурги бериб қўйибди, овози чиқмай қолибди” дейишибди, ҳатто “Санобар ўлиб қолибди”, деган миш-мишлар ҳам тарқалган экан…

Даволаниб чиққанимдан кейин яна ўқишга, қўшиққа қайтдим. Фильм-концертни кўрган Шароф ота “Оддий чўпон оиласи экан, бу қиз санъат билан шуғулланиши учун яхши шароит яратиб беринглар, катта бўлса Москвага ўқишга юборамиз”, деган экан. Бизга катта, чиройли уй қуриб беришди, ўзимга янги пианино совға қилишди. Кўпчилик иштирокида уй тўйи бўлди. Пойтахтдан келган фильм режиссёри Ҳожимурод Иброҳимов кетар чоғида Тошкентда бўладиган фильм тақдимоти ва мухлислар билан учрашувга таклиф қилди. Икки-уч кундан кейин Тошкентга бордим. “Билимлар уйи”да икки кун давомида учрашув бўлди. Залга одам сиғмайди. Қўшиқлар куйладим, қарсаклар зални титратиб юборди. Кейин телевидениега, “Қизлар давраси”га таклиф этишди. Иккала тадбир ҳам тез кунда эфирга узатилди.

Олам-олам орзу-умидлар билан ижод осмонида булбул мисол чарх уриб куйлаётган ёш истеъдод соҳибаси ўша даврнинг турфа хил синовлари, адолатсизлик, ноҳақликлардан жабр кўрди. Аммо ойни этак билан ёпиб бўларканми? Санобар Раҳмонованинг истеъдод булоғи яна мавжланиб, денгиздек жўшди.

— 1979 йили вилоятда янги очилган филармонияда ишлай бошладим. Илҳом ака Жўраев билан турмуш қурдик. Айримлар турмуш ўртоғи саҳнага чиқармай қўйди, дейишади. Бу нотўғри гап. У кишининг ёрдамида кўплаб қўшиқларимни халқимизга тақдим этдим. Мустақиллик даври мен учун омадли келди. Бир неча марта телевидениега чиқдим. Ана шундай чиқишлардан бири — “Тараннум” кўрсатувида оиламиз билан иштирок этдик. Ҳозирда имкон қадар халқ хизматидаман.

— Кўрсатувда сиз билан “Устозлар”ни куйлаган Хонзодабегим ижросидан қониқдингизми?

— Яхши айтди, бу ёш ижрочи хонанда Аслиддин Дўстовнинг қизи. Омадини берсин, санъати билан халқимизга хизмат қилишига, ижодда баланд чўққиларни забт этишига тилакдошман.

— “Устозлар” қўшиғингизнинг ниҳоятда машҳур бўлиб кетгани сабаби нимада деб ўйлайсиз?

— Менимча, қўшиқнинг муваффақиятли чиқиши шеър мазмуни билан мусиқанинг ҳамоҳанг келганида бўлса керак.

— Қўшимча қилмоқчиман: овозда меҳр ва эҳтиромнинг болаларга хос мунислик билан ифодаланиши ҳам бунга омил бўлган.

Назаримда, устозлар ҳақида унгача ҳам, ундан кейин ҳам бундай ажо­йиб, гўзал ва тароватли қўшиқ яратилмади. Ҳозир ҳам у устозларни мадҳ этувчи қўшиқларнинг гултожи бўлиб турибди.

 

Боқий МИРЗО,

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *