СЎЗ

Юракка куч этар туҳфа илиқ бир сўз,

Китоб умр ўлса гар, саҳфа илиқ бир сўз.

 

Кўнгил тилсимларига у калит гўё,

Саховат саҳнидан лавҳа илиқ бир сўз.

 

Мунавварлиғ улашгай еру кўк узра –

Топар равнақки ҳар жабҳа, илиқ бир сўз.

 

Керакмас молу зар, дунё, унутмангким –

Муҳаббат кўйида навҳа – илиқ бир сўз.

 

Умиду орзу берсин кўнгилларга,

Сочинг дил сори минг дафъа илиқ бир сўз.

 

ХАБАР БЕР

Хабар бер, қайдасан, оби ҳаётимсан,

Юракка куч бағишловчи баётимсан.

 

Жаҳоннинг ғамлари ортимдан эргашса,

Кураш майдонида енгилмас отимсан.

 

Кўнгил ҳажр элида оҳу фиғон этмиш,

Билиб қўйки ўзинг таскин-нажотимсан.

 

Хаёлингсиз ҳаловат не билолмасман,

Тилаклар кўшкида учқур қанотимсан.

 

ўазал битдим, висолинг орзу айлаб,

ўазал уммонида сузган саботимсан.

 

САОДАТ

Сўз очсанг гар муҳаббатдан сўз очгил,

Гўзал туйғу, садоқатдан сўз очгил.

 

Етар энди, жудоликдан гапирма,

Висол они – ҳаловатдан сўз очгил.

 

Туташмас тоғ ила тоғ дерлар аммо,

Туташ диллар – нафосатдан сўз очгил.

 

На даркор эртагинг менга, азизим,

Ёруғ толе – саодатдан сўз очгил.

 

Дема камёб меҳри бу жаҳоннинг,

Мурувватдан, саховатдан сўз очгил.

 

Ишонч отин қувиб, Хуршида толмас,

Камолотдан, балоғатдан сўз очгил.

 

ЯХШИ НОМ

Кўкда булут йиғласа кун кулмагай,

Меҳнати соз элга алам келмагай.

 

Шубҳа-гумон айласа кўп жабрини,

Васл уйида ташна кўнгил тўлмагай.

 

Дилни очиқ тутмаса ҳамдардига,

Билки, йигит сўзида лафз ўлмагай.

 

Айбини беркитса киши фойда йўқ,

Ойни этак бирла ёпиб бўлмагай.

 

Кимни агар яхши эди деса халқ,

Икки жаҳон умр гули сўлмагай.

 

ХУРШИДА

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *