CУРУР

Қўшиғингни айт, ёмғир,

Рақсларга туш, япроқ.

Эй куз, бунча гўзалсан,

Баҳордан-да баҳорроқ!

 

Беҳи қалқир анҳорда,

Анорзорлар вақти чоғ.

Эй дил, бунча яйрайсан,

Баҳордан-да баҳорроқ!

 

Боғлар сокин, онамдай,

Тунлар ойдан, ойдинроқ.

Эй ишқ, бунча, умидбахш,

Баҳордан-да баҳорроқ!

 

Елкадаги тоғлар йўқ,

Армон недир, не фироқ?

Эй жон, бунча, оромваш,

Баҳордан-да баҳорроқ!

 

Шарбат тутар, узумзор,

Хирмонларнинг кўкси тоғ.

Эй юрт, бунча, кўркамсан,          

Баҳордан-да баҳорроқ!

 

Кузак, сенсан, сарҳисоб,

Бурчсан, шондан шарафроқ.

Эй умр, сен яшнаб қол,

Баҳордан-да баҳорроқ!

 

БАХТНИ АНГЛАШ

Ердан гар узилса қадаминг,

Ваҳима босаркан ногаҳон.

Уммоннинг кафида бир парча,

Муз каби титрайди ширин жон.

 

Қирғоққа умидвор боқасан,

Ва гарчи ишончинг муқаррар.

Ёмғирга интизор саҳродай,

Умр ҳам кўзингга жовдирар.

 

Бу улкан кема воҳ, пишқирар,

Жангари тўлқинга бермай ён,

Орзулар қошида гўёки,

Шижоат топширар имтиҳон.

 

Тавалло қиласан Худога,

Тиз чўкиб қудрати қошида.

Ва англаб етарсан бахтлигин,

Ётмоқлик она ер тошида.

 

ТАҚДИР ТУҲФАСИ

Хатоларнинг қурбони менман,

Аямади, ғамларда тақдир.

Ҳаммасининг ўрнига Тангрим,

Сизни менга берди-ку, ахир.

 

Шукр килмоқ энди касбимиз,

Икки тоғнинг бирлашувига.

Тоғдай бағр, тоғдайин сабр,

Икки сирнинг сирлашувига.

 

Сизни бериб, гулларга кўмди,

Атирларнинг ифорин билдим.

Мен умримда илк бора йиғлаб,

Во, ажабо, илк бора кулдим.

 

Куйдим, суйдим, дилимга раҳмат,

Туйғуларим, сенга тасанно.

Ҳали демак, яшашим зарур,

Ҳали ҳаёт қилар таманно.

 

Сизни менга берди, Худойим,

Ололмайди, энди бандаси.

Олиб кетди мангулик томон

Иккимизни ишқнинг кемаси.

АЁЛ

Аёлни сев, аёлга ёлбор,

Минг бир кеча эртакларинг айт,

Алпомишлар туғиб беради.

Аёлни сев, остонасин ўп,

Қаср қурма, кўнглини сўра,

Бало келса туриб беради.

Аёлни сев, ўламан дегил,

Ишқ яратган Парвардигордан,

Сенга умр сўраб беради.

 

ҲАЛИ УЗОҚ ЯШАЙМИЗ…

Токи, осмон бош узра паноҳ,

Токи, руҳдир нур ичра огоҳ,

Қолгунича бир нафас, бир оҳ,

Ҳали уз-о-оқ яшаймиз бирга.

Токи, шабнам гул яноғида,

Токи, исминг дил титроғида,

Кўзинг нури кўз қароғимда,

Ҳали уз-о-оқ яшаймиз бирга.

Токи, томчи тошга интизор,

Токи, юлдуз кўкдаги гулзор,

Ойни қучиб тунлари бедор,

Ҳали уз-о-оқ яшаймиз бирга.

Токи, сирга тўла куртаклар,

Токи, хаёл сенга етаклар,

Минг бир кеча айтиб эртаклар,

Ҳали уз-о-оқ яшаймиз бирга.

Токи, танда жон эрур омон,

Токи, ишқдир, жон ичра жомон.

Кел, ёнимга эй, Шайхи Санъон,

Ҳали уз-о-оқ яшаймиз бирга.

 

СЕН ВА МЕН

Мен қанчалар бахтлиман, яна,

Яна бугун сени учратдим.

Олам кўзга рангин кўрсатди,

Кучга кирди кучим, қудратим.

 

Дединг: Сени севаман, беҳад,

Унутмадим бир зум, бир нафас.

Ҳар лаҳзамда яшадинг, – дединг,

Сенсиз хаёл — мангулик қафас.

 

Дединг: Севги ҳаёт меҳвари,

Соғинч — Ҳаққа қилинган дуо.

Ҳижронингдан айланай, – дединг,

Ва висолга айтдинг, тасанно.

 

ДУО

Икки дунё устуни дуодир, болам,

Дуосизга бу ҳаёт жазодир, болам,

Жазолари бедаво, балодир, болам,

Дуо олганлардан дуо ол, болам.

Туҳматнинг ёмғири ёғмасин, десанг,

Маломат тошлари ботмасин, десанг,

Ёнингда дўстгинанг сотмасин, десанг,

Дуо олганлардан дуо ол, болам.

Онанг омонатдир, ойдай ботади,

Отанг ғаниматдир, сойдай оқади,

Одамзод туфроқдир, лойдай қотади,

Дуо олганлардан дуо ол, болам.

Мисқолингга барака, хирмонни сўра,

Жонингга чин ёру, жононни сўра,

Ҳар ишда ишқ сўра, давронни, сўра,

Дуо олганлардан дуо ол, болам.

Жаҳолат тоғини нуратмоқ — шудир,

Касофат тоғини қулатмоқ — шудир,

Саодат боғини гуллатмоқ — шудир,

Дуо олганлардан дуо ол, болам.

Фарида АФРЎЗ

 

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *