Президентимиз мамлакатимиз ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувда бугун санъат аҳлида фаоллик, янги-янги ижодий ғоя ва ташаббуслар билан яшаш, изланиш руҳи етишмаётганини таъкидлаб ўтганди. Назаримизда, бу мумтоз асарларни саҳнага қайтаришга уринаётган театр ижодкорларига ҳам бевосита дахлдор. Ижодий изланишнинг қиммати бир жойда депсиниш билан эмас, янгилик билан ўлчанади. Агар бу жараён юксак бадиий савия ва маҳорат билан уйғунлашса, замон билан ҳамнафас долзарб спектакль яратилиши аниқ. Шундагина биз айбни кўзгудан эмас, балки ўзимиздан, йўл қўйган хатою камчиликларимиздан излаймиз.

“Башаранг қийшиқ бўлса, ойнадан ўпкалама”. Ўткир тиғли бу халқ мақоли атоқли рус адиби Николай Васильевич Гогольнинг “Ревизор” комедияси учун эпиграф сифатида бежиз танланмаган. Ўз замони муаммоларини кулги орқали фош этишни мақсад қилган муаллиф театр кўзгу сингари жамиятнинг асл қиёфасини кўрсатишга қодирлигини яхши билган. Шу боис комедиянинг асл қаҳрамонларини томошабинлар орасидан излайди. Адиб бу орқали “мен шунчаки саҳнага кўзгу тутдим, унда акс этган барча иллатларга сиз айбдорсиз” демоқчи бўлган.

Ўзбек Миллий академик драма театрида тақдимоти бўлиб ўтган “Ревизор” комедиясининг янги талқинида бу машҳур мақол нима учундир спектакль якунида янграйди. Адиб сиймосидаги актёр юз берган ҳангомаларга хулоса ясайдию ғойиб бўлади. Саҳнага сокинлик чўкиб, совуқ кунлар бошланганини дараклаган қарғалар товуши майдонни супураётган қоровул қиёфаси билан уйғунлашиб кетади. Бу манзара билан “барчаси куз хазонларига қўшилиб, ўтмишга равона бўлди”, деган сўнгги хулосани томошабинга ҳавола қилган маъқул эди. Чунки комедияда кўтарилган масала бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.

Янги спектакль ҳақидаги мулоҳазаларимизни бевосита томоша якунидан бошлаганимизга ажабланманг. Одатда саҳна асари ҳақида яхлит тасаввур айни шу паллага келиб шаклланади. Айниқса, “Ревизор” сингари театр ихлосмандлари учун яхши таниш бўлган мумтоз асарнинг саҳнавий талқини тўғрисида сўз борганда, унинг тарихи, сюжетию қаҳрамонларига ортиқча изоҳ беришнинг ҳожати йўқ. Биз учун саҳна ижодкорлари бу асарга мурожаат қилиш орқали қандай мақсад кўзлаганини билиш муҳим.

Назаримизда, Миллий театр жамоасини “Ревизор”ни саҳналаштиришга ундаган асосий сабаб репертуарни яна бир мумтоз асарга бойитиш истаги билан чекланмайди. Ушбу спектакль академик анъаналар устувор бўлган театр саҳнасига янги ижодий нафас олиб кириши лозим эди. Комедияни саҳналаштириш учун Оперетта театрининг истеъдодли режиссёри Александр Каприелов таклиф этилгани ҳам айнан шу интилиш билан боғлиқ бўлса ажаб эмас. Театр учун бегона бўлмаган бу режиссёр ижодий жамоа олдига, аввало, ансамблликка эришиш вазифасини қўйгани шубҳасиз. Шу мақсадда саҳнада актёрлар ижроси билан бир қаторда либос, декорация, мусиқа имкониятларидан ҳам кенг фойдаланилган.

“Ревизор” отахон театр саҳнасида тўртинчи бор ўйналаётганини ҳисобга олган ҳолда, А.Каприелов мумтоз комедиянинг анъанавий талқинидан бироз чекинишга интилган. Натижада, биз саҳнада соф сатирик комедияни кўрмаймиз. Бу жанр мусиқали театр ижодкори бўлган режиссёр учун яқинлигига қарамай, спектаклда кулгидан кўра мушоҳада жараёни етакчилик қилади. Гоголь комедияси борасида ўтган йиллар давомида шаклланган янги қарашларни ўрганиб чиққан режиссёр асарга драма руҳини сингдирмоқчи бўлган. Бу спектаклнинг илк саҳнаси: шаҳар ҳокими маҳаллий амалдорларни тўплаб, пойтахт­дан ревизор келаётганини маълум қилишидаёқ сезилади. Барчанинг юрагини қўрқув чулғаганига қарамай, қаҳрамонлар ҳаракати ва нутқида кескин саросима ёки Белинский таъкидлаган “виждонга хилоф иш кўрган одамлар қўрқишининг талвасаси”ни кўрмаймиз. Аксинча, улар ревизор ташрифини мулоҳаза этишга, ўз фаолиятларини тафтиш қилишга уринишади. Айни пайтда саҳнада мавҳум оҳангларга бой мусиқа ҳамда чироқлар ўйини ёрдамида сирли, мистик муҳит яратишга эътибор берилган. Бунга режиссёрни Гогольнинг Хлестакови Гёте Мефистофелига қиёсланиши илҳомлантирганга ўхшайди.

Тўғри, бундай ўзига хос ёндашув янги изланишлар учун кенг йўл очган. Бироқ комедия руҳи билан суғорилган асарни “жиддийлаштириш” қанчалар қизиқарли туюлмасин, буни саҳнада амалга ошириш жараёнида режиссёр қийинчиликларга дуч келиши табиий. А.Каприелов саҳналаштирган спектаклда бу жанр чалкашлигида кўринади. Режиссёрнинг изланишлари ҳар қанча асосли бўлмасин, ижодий нияти спектаклга тўла сингдирилмаган. Яъни биз спектаклнинг туб структураси, ғоявий талқинида жиддий янгиликни кўрмаймиз. Бунинг учун етарли манба мавжудлигига қарамай, ижодкорлар академизм қолипидан чиқолмаган. Жўшқин комедик руҳнинг сустлиги воқеаларнинг ҳиссий-ритмик изчиллигига путур етказиб, мумтоз асар ўзининг томошавийлиги, таъсир кучини бой бергандек таассурот уйғонади. Шу сабабли асарнинг жанр хусусиятларини ўзгартиришга уриниш амалда ўзини тўла оқламаган.

Жанр ноаниқлиги, ўз навбатида, актёрлар ижросига ҳам таъсир кўрсатган. Шаҳар ҳокими Антон Антонович ролини ўйнаган тажрибали актёр Муҳаммадали Абдуқундузов хатти-ҳаракатларида Гоголь таърифлаган баъзи хусусиятлар йўқ эмас. Назаримизда, актёр асосий эътиборини қаҳрамонининг олий табақа вакили эканига қаратган. Бироқ бу қиёфа замирида ахлоқсиз шахс яширинганини унутмаслик лозим. М.Абдуқундузов ижросида эса қўлидаги ҳокимият боис зўравонга айланган амалдорга хос ёрқин характер, тажовузкорлик етишмайди. Бу ҳокимнинг атрофдагиларга муносабатида, масалан, шаҳарда ободончилик ишларини буйруқбозлик билан бошлаши, кишанга солинган савдогарларни оёқости қилиши ва Иван Александрович ревизор эмаслиги ошкор бўладиган саҳналарда яққол кўринган.

Юқоридаги камчиликлар Хлестаков образини гавдалантирган актёрлар Фатхулла Маъсудов ҳамда Рихситилла Абдуллаев ижросида ҳам қайтарилганини кўрдик. Очиғини айтганда, бу актёрлар нафақат ёши, балки ташқи қиёфасию сийрати жиҳатидан ҳам бу ролга мос эмасдек туюлади. Гоголь Хлестаковни ёши йигирма учлардаги, озғиндан келган пойтахтлик авбош йигит сифатида тасвирлайди. Тўғри, Р.Абдуллаев ижросида қаҳрамони табиатига хос олифталигу енгилтаклик бўртиб туради. Мисол учун, шаҳарлик амалдорлардан пора олиш саҳнасида актёр аввалига қарз сўрашга ийманадиган ғўр йигитчадан порахўр ревизорга айланиш жараёнини маҳорат билан ижро этган. Шунга қарамай, шаҳар ҳокимининг уйидаги зиёфат, савдогарлар билан суҳбат, Марья Антоновнага севги изҳор қилиш саҳналарида Р.Абдуллаев Хлестаков характеридаги зиддиятларни чуқур ҳис этмай, юзаки ижро билан чекланиб қолган. Бундан ташқари, томоша давомида актёр саҳна нутқи масаласида ҳали жиддий ишлаши лозимлиги сезилади.

Комедиядаги ҳар бир қаҳрамон бетакрор характерга эга эканини ҳисобга олган ҳолда, Нодира Маҳмудова (ҳокимнинг рафиқаси Анна Андреевна), Саидкомил Умаров (шаҳар судьяси Ляпкин-Тяпкин), Рустам Каримов (Хлестаковнинг хизматкори Осип) сингари тажрибали санъаткорлардан қизиқарли топилмаларни кутгандик. Актёрлар ижроси қаҳрамонларнинг умумий харакатерига мос тушгани билан, уларда индивидуал ёндашув, ижодий эркинлик етишмайди. Абдулла Қаҳҳорнинг моҳирона таржимаси, кулгили диалоглару ҳолатлар баъзида буни сезмаслик имконини берса ҳам, томошабин чин маънодаги комедик ижрони ҳис этмайди. Ажабланарли жиҳати, асосий ролларни ижро этган актёрлар ижодий импровизациядан деярли фойдаланишмаган. Аксинча, Малика Иброҳимова (Унтер офицернинг хотини), Маҳфуза Боботиллаева (Лука Лукичнинг рафиқаси) сингари эпизодик саҳналарда қатнашувчи актёрлар барчадан ажралиб турадиган ёрқин характер яратишга эришганини эътироф этиш лозим.

Флюра Газизованинг декорацион ечимига келсак, рассом саҳнада воқеа руҳиятига мос муҳит яратишнинг уддасидан чиққан. Эътироз шундаки, сценографик ашёларнинг кўп қисми фақат маконни тўлдириш учун хизмат қилади. Масалан, томоша бошланишидан аввал саҳна марказида турувчи бошсиз бюст Гоголь таъриф берган “бошида шоҳи йўқ” одамларга ишора қилаётгани тушунарли. Бироқ бу ҳайкал воқеалар жараёнида ҳеч қандай вазифа бажараётгани йўқ. Айнан шу камчилик қаҳрамонлар учун танланган либосларда ҳам кўзга ташланади. Рассом бу жараёнда қандай ғоявий мантиққа асослангани биз учун қоронғи, лекин улар асл тарихий қиёфасидан анча йироқлиги аниқ. Шунингдек, Улуғбек Солиҳов ёзган махсус мусиқа ҳам спектаклдаги муҳим ижодий омилга айланмаган.

Жаҳон драматургиясининг мумтоз намуналарига мурожаат ижобий воқеа саналса-да, бу жараён театр жамоасининг ютуқлари билан бирга муаммоларини ҳам шаффоф ойина мисол намойиш этишига тайёр бўлиш керак. Жумладан, “Ревизор” спектакли ҳам Миллий театрнинг бугунги мақсаду интилишларини бизга очиб берди. Театр ижодкорлари янги изланишларга чанқоқлиги сезилиб турибди. Бунинг учун уларда етарлича имконият борлигини ҳам кўрдик. Фақат бу интилиш тенденция кўринишига кириб қолмай, театр фаолиятидаги алоҳида ёрқин воқеага айланиши керак эди.

Афсуски, “Алишер Навоий”, “Мирзо Улуғбек”, “Тартюф” сингари спектакллардаги камчилик “Ревизор”да ҳам қайтарилган. Ижодий жамоа мумтоз комедиянинг анъанавий талқинидан чиқиб, оригинал услубга эга замонавий ечимни топишга эришолмаган. Томошада XIX аср Чор Россиясида авж олган иллатлар манзараси эмас, балки драматург эътибор қаратган ижтимоий муаммоларнинг бугунги аҳволи мушоҳада этилса тўғри бўларди. Зеро, биз бу спектакл­да долзарб аҳамиятга эга янги ғоя илгари сурилиб, театр жамоасининг ­мустақил позицияси кўринишини ­истаган эдик…

 

Азизхон ИМОМОВ

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *