Воқеий ҳикоя

Бу йигит ҳамқишлоғим бўлади. Жуссаси кичикроқ, лекин чайир, хушчақчақ, гапни чўрт кесадиган «қайсар» йигитлардан. Биз онда-сонда учрашиб қолардик. Аммо кўнглимда бир армон бор эди: у билан ўтириб бемалол гаплашгим келади. Биламан, акамнинг бошидан кўп савдолар ўтган, негаки у киши Тошкентда ер қимирлаган ўша алғов-далғов йилларда катта ишларда ишлаган. Шароф Рашидов билан кунда бўлмаса-да, тез-тез кўришиб турган.

Бир куни шаҳар марказидаги бир шифохонага бордим. Қарасам, рўпарамда илжайиб Тўлан ака келаяпти.

— Ҳа, Қарноқий, бу ерда нега адашиб юрибсан, ёш бола деган ҳам касал бўладими? — деб ҳазил қилди.

— Тўлан полвонга текин қулоқ керак эмасмикан, деб келдим, ака.

Тўлан ака «таслимман» дегандек иккала қўлини кўтарди.

— Бўлди. Ўн-ўн беш кун ўтган-кетган гапларни эзиб бир мойини чиқарамиз. Сеники қайси бўлим?

Худди келишгандек, иккаламиз санаторийнинг юрак бўлимига йўлланма олган эканмиз.

Яна икки-уч кун ўтди. Тушликдан кейин Тўлан ака хонага кириб келди.

— Ҳув, Қарноқий, кетдик, айланиб келамиз.

— Гапнинг мойини чиқарсангиз бораман, бўлмаса бормайман, — дедим ёлғондан қовоқ солиб.

— Бўпти, инжиқ, кийиниб пастга туш.

Шифохонанинг орқа ҳовлиси истироҳат боғига туташ эди. Кеч куз. Ариқларда сувлар тип-тиниқ. Дарахтлар тилло либосда. Ҳаво ҳам муздек. Атроф жимжит.

Холироқ бир жойга бориб ўтирдик. Аввал биттадан ҳузур қилиб чекиб олдик. Тўлан ака бошидан ўтган можароларни айтсамми-айтмасамми, деб иккиланаётгандек эди.

— Менга қара, иним, шу гапларни қайта кавлаб, эски ярани тирнаб ўтириш шартми? Давай, қўл силтаймиз, а?

— Йўқ, шарт, — дедим, — ичингизда қолиб кетса армон бўлади. Сиз билан мендан кейин келадиган авлод билиб қўйиши керак ҳақиқатни.

Тўлан ака шарт қўйди:

— Майли, бўлган гапларни қисқача айтиб бераман. Лекин ёзадиган бўлсанг, отимни ўзгартирасан. Биласан, мен бировларнинг номини сотиб обрў олишни ёмон кўраман.

Тўлан ака йигирма йил бурунги воқеаларни қайта эсладими, жим бўлиб қолди. Чеҳрасига ёқимли бир кулгу ёйилди. Сўнг, ўзи айтмоқчи «трагикомик» ҳангомасини бошлади.

— Биласан, темир йўл институтини битирганман. Бир жойда мазза қилиб ишлаб юрувдим. Уй тинч. Маишат яхши. Зериксак, оғайнилар билан улфатчилик қиламиз. Хуллас, эркин қуш эдим. Омадимнинг келганими, кетганими, бир куни хўжайин чақиртириб қолди. Қийшайиб кирдим. Хўжайин ҳовлиқиб кетган эди. Мени остонанинг ярмига келиб кутиб олди. Кейин томдан тараша тушгандай қилиб, «Сиз эртага… Шароф Рашидовнинг қабулига боришингиз керак экан», деди. Ҳайрон бўлдим. Юрт каттасининг мендай бир инженерда нима иши бўлиши мумкин?

— Хуллас, эртасига оппоқ кўйнакни кийиб, янги галстукни боғлаб, ясан-тусан бўлиб Марказқўмга кириб бордингиз?

— Бордим. Умрим бино бўлиб Марказқўмнинг эшигидан ўтмаган эдим.

Қабулхонада у ёқ-бу ёққа кўз қиримни солиб ўтирибман. Ўйлаб ўйимнинг охирига етолмайман: «Бунчалик эътиборнинг сабаби нима экан?» Бироқ минг ўйласам, отам хаёлимга келмайди.

Келишган, хушмуомалали йигит ичкарига кириб-чиқиб турибди. Ниҳоят, менга навбат келди шекилли, ҳалиги йигит «Юринг!» деб ишора қилди. У ёқ-бу ёғимни тўғрилаб йигитга эргашдим.

Ичкарига қадам босдиму бир зум тўхтаб қолдим. Тортиниб тўрга қараб юрдим. Шароф ака ўрнидан турди. «Келинг, келинг!» деди очиқ юз билан. Кейин «Марҳамат, ўтиринг», деб ёнбошидаги ўриндиқни кўрсатди. Худди иссиқ бир нарсага ўтираётгандек омонат чўкдим. Шароф ака ёрдамчисига қаради.

— Бизни холи қолдиринг.

Ходим йигит қалин папкасини кўтариб кўздан ғойиб бўлди.

Шароф ака менга бошдан-оёқ разм солди. Худди бирон гуноҳ қилиб қўйгандек ўзимни баттар ўнғайсиз сездим. Биласан, мен ҳам унақа бировлардан тап тортадиганлардан эмасман. Ўрисча мактабда ўқиганман. Одамнинг бетига қараб тикка гапиравераман. Лекин, гапнинг тўғриси, Шароф аканинг сусти ёмон босди-да, иним.

Мен Тўлан акага сигарет чўздим. У сигаретни хушламай тутатди, қайта-қайта тортди. Мен унинг оғзига тикилдим. У ҳикоясининг энг қизиқ ерига келган эди.

— Шароф ака «Биз кўрмагандан бери катта йигит бўлиб қолибсиз, Тўланбек» деб кулди. Уй ичимизни, бола-чақани сўради, ишларимни суриштирди. Кейин кўзимга қараб, «Сиз мени эслайсизми, Тўланбек?» деди. Шошиб қолдим. Қанақасига эслайман ахир, бу киши билан биринчи марта юзма-юз ўтирган бўлсам… Шароф ака бош силкиди: «Тўғри, эслай олмасангиз керак. У пайтлар сиз жуда ёш эдингиз. Биз Самар­қанд­да ўқиб юрганимизда сизларникида турганмиз. Ҳовлининг этагида бир-икки ҳужра бўларди. Беш-олти студент ана шу ҳужраларда яшардик. Отангиз раҳматлик яхши одам эди, бағри кенг эди, қўлидан келса бировга яхшилигини аямас эди. Мен Карим аканинг тузини кўп ичганман, буни ҳеч қачон унутмайман».

Кўзим ярқ этиб очилди. Ҳамма саволларимга бирдан жавоб топдим. Аям яқин-яқингача айтиб юрарди. «Отанг қўли очиқ одам эди, борини бировдан аямасди, – дерди, – ўзи университетнинг каттаси бўлишига қарамай ким уй-жойдан қийналиб қолса эргаштириб келаверарди. Йил ўн икки ой ҳовлимизда қишлоқдан келган студент болалар турарди. Менга, «Онаси, уларнинг иссиқ-совуғига қараб тур, савоб бўлади, бу болалар бир куни Ўзбекистоннинг юкини кўтарадиган кишилар бўлиб чиқади», деб қўярди.

Шароф аканинг нимага чақиртирганини энди тушундим. Орадан шунча йил ўтиб, у киши ўзига, вақтинча бўлса-да, бошпана берган, таълим берган домласининг фарзандларини бир кўриб қўймоқчи бўлган, шекилли. Шароф аканинг одамгарчилиги менга қаттиқ таъсир қилди.

Қайта-қайта раҳмат айтиб хайрлашдим. Шароф ака елкамга қўлини қўйди:

— Эшигимиз сиз учун доим очиқ. Бирор илтимос бўлса, тортинмай келаверинг, — деди. Бошим осмонга етди.

Ҳеч нарса кўрмагандай яна ишга тушиб кетдим. Бир-бирига ўхшаган зерикарли кунлар. Эрталаб идорага чоп, кечқурун – уйга. Хуллас, икки ойми, уч ойми ўтди. Мени бир бўлимга бошлиқ қилиб қўйишди. У ерда кўп ишламадим. Мансабимни яна бир поғона кўтаришди. Орадан ярим йил ўтди-ёв. Тағин Марказқўмга чақиришди. Бордим. Ўша ўзим кўрган катта кабинет. Беш-олти киши ўтирибди. Баъзиларини танийман.

Шароф ака дарҳол мақсадга ўтди: «Биз сизга янги вазифа юкламоқчимиз. Ўртоқлар сизни Тошкент шаҳар ижроия комитети раисининг ўринбосарлигига тавсия қилишмоқда. Нима дейсиз?» деди.

Бошимдан бир пақир муздек сув қуйилгандек бўлди. Кечагина инженер бўлиб юрган мендек йигит қайдаю ижроқўм қайда! Биласан, мен реалист одамман, ўз куч-қудратимни чамалайман. Бўйим етмаган дорга осилмайман. Шуни ўйлаб чўчидим. «Ишончингиз учун раҳмат. Шароф Рашидович, – дедим минг азобда, – бироқ бундай улуғ вазифани эплармиканман, деб қўрқиб турибман».

Гапим Шароф акага ёқмади. «Бу ишни эплайманми, йўқми, деб иккиланган киши ҳеч қачон эплай олмайди. Эплайман, деб астойдил уринган одам ҳар қандай оғир юмушнинг уддасидан чиқади», деди. Уни ёнидагилар қувватлади. Шароф ака гапни чўзмади: «Ёш йигитсиз, бир йигитлик ғайратингизни кўрсатинг, қийналсангиз, мана биз ёрдам берамиз».

Масала ҳал бўлган эди. Эътирозга ўрин қолмади. Эртасига шаҳар ижроия қўмитаси раисининг уй-жой масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинландим. Мен ҳали ўттиз бешга ҳам кирмаган эдим. Мен учун энди бутунлай бошқа ҳаёт бошланди.

Тошкент ҳозир жуда кенгайиб кетган. Юнусободдаги телеминорага чиқиб қарасанг, учи-қири кўринмайди. Лекин ўша олтмишинчи йилларнинг ўрталарида ҳам Тошкент кичкина эмасди. Бир миллиондан ортиқ халқи бор эди. Келди-кетди билан бир ярим миллион. Тошкент барибир Тошкент-да! Энди мен ана шу бир мамлакатдай шаҳарни бошқаришим керак эди.

Тўлан ака рўпарамиздаги азамат дарахтга қўниб олиб қақағлаётган қора қарғаларга қараб сўради:

— Сен бургутнинг болалари билан ўйнаганини ҳеч кўрганмисан?

— Йўқ, нимайди?

— Мен ҳам кўрмаганман. Бироқ қаердадир ўқиганман.

Бургутнинг полапонлари сал катта бўлиб қанот чиқарганда отаси уни чангалига қисиб кенг далага олиб чиқар экан. «Қани энди учишни ўргансинлар, бургутча!» дегандек боласини ерга ташлаб юборар экан. Полапон жон ҳолатда қанот қоқиб ўзини ўнгласа-ўнглади, бўлмаса отаси уни илиб олиб қайта машқ қилдирар экан. То полапон ўзи қўрқмай учадиган бўлгунча отаси уни баландроқдан ерга қараб отиб юбораверар экан… Мен ҳам худди шу бургут боласининг аҳволига тушган эдим. Олдимда икки йўл турибди: ё қанотимнинг кучига ишониб учиб кетишим керак, ё ерга тушиб пачақ бўлишим керак. Бошим қотиб қолди.

Шароф аканинг насиҳатини эсладим. Билиб турибман, у киши менга жуда катта мурувват қилди. Менга ишонди, мени синаб кўриш учун юқори мансабга қўйди. Энди жонимни аямай ишламасам, аввало, у кишининг юзини ерга қаратган бўламан.

Ана шундай хаёллар билан билакни шимариб ишга киришдим. Бу орада бошимга яна бир синов тушди. Тошкентда ер қимирлади. Ҳамма нарса остин-устин бўлиб кетди. Тошкент ёмон вайрон бўлган эди.

Минглаб киши бошпанасидан айрилди, ўн минглаб одамнинг уй-жойи бузилди. Уларга янги ватан керак, томорқа керак, бузуқ уйларни қайтадан тиклаб бериш керак. Жабрдийдаларнинг савдосини ўйласам, баданим қизиб ўзимни қўярга жой тополмай қолардим.

Шароф ака билан, онда-сонда бўлса-да, кўришиб турамиз. У киши зилзиланинг эртасига шаҳарнинг ҳамма раҳбарларини чақириб катта йиғилиш ўтказганди. Йиғилишдан кейин мени олиб қолиб икки оғиз насиҳат қилди: «Сиз учун синов вақти келди, ука. Қатиққўл бўлинг. Кўнгилчанлик қилманг. Қамишни қаттиқ ушласанг қўлингни кесмайди, деган гап бор.

Ҳар хил одамлар бор, ҳар хил гап-сўзлар бўлиши мумкин. Ҳушёр бўлинг. Халқнинг яна бир гапини эслатиб қўяй: ё отинг чиқсин, ё ўтинг чиқсин, дейдилар. Мен сизнинг отингиз чиқишини жуда истайман».

Тўлан ака узун уҳ тортди, гўё қизиб кетгандай ёқасини очиброқ қўйди.

— Ёз ўтди, куз келди. Зилзилада бошпанасиз қолган кишиларга атаб қурилаётган кўпқаватли уйлар бирин-кетин бита бошлади. Минглаб одам вақтинчалик чодирларда, ётоқхоналарда ёки қариндош-уруғларникида яшаб турарди. Хайрият, совуқ тушгунча уларни янги уйларга кўчирадиган бўлдик…

Тўлан ака фикрини жамлагандек жим бўлиб қолди, юзидаги тундлик тарқаб, ўрнини илиқ бир ифода эгаллади.

— Ана энди Шароф аканинг бир хислати ҳақида икки оғиз гапириб берай. Билган у дейди, билмаган бу дейди. Майли, қизил тил ҳаммада ҳам бор. Аслида Шароф ака ватаним, миллатим деб куйиб кетган чин инсон эди. Ўзбекнинг шаънига тирноқдай гап тегса, жигарлари эзилиб кетарди.

Шароф аканинг дала ҳовлиси шундоқ шаҳар биқинида эди. Зилзилага бир йил бўлган, айни баҳор пайти. Шароф ака мени боққа бошлади. Мажнунтоллар тагида айланиб юрибмиз. Шароф ака ишларимни суриштирди, далда берган бўлди. Кейин бирдан тўхтаб юзимга синовчан боқди.

– Сизга бир гап бор, – деди, – ҳали бу кунлар ҳам ўтиб кетади. Шаҳарни бутунлай бошқатдан қурамиз. Масковдан яна пул сўрадик. Худо хоҳласа Тошкент чиройли шаҳар бўлади. Лекин ўн-ўн беш йил ўтгандан кейин шаҳар айланган одам…

Шароф ака билан бўлиб ўтган бояги гапдан кейин бир неча кунгача ўйланиб юрдим. Одамлар билан ҳаёт мени тобора сиқиб исканжага олиб бораётган эди. Йил ўтган сари иш оғирлашаберди. Бир ёқда қурилиш жанжали, танбеҳ устига танбеҳ, бир ёқда тепамда турган баъзи амалдорларнинг зуғуми, янги пайдо бўлган дўсту туғишганларим, минг бир ҳийла билан йўл топишга уринаётган пулдорларнинг ҳужуми, ишхонадаги корчалонларнинг найранги… Унинг устига ҳадемай «ёз-ёз!» бошланди.

Хуллас, комиссия устига комиссия босди. Ҳаммаёқни элак-элак қилди. Ковлаган одам айб топади. Беайб Парвардигор. Менга ҳайфсан беришди. Алам қилди. Ҳузур-ҳаловатдан кечиб, соғлиқни йўқотиб, ўн беш соатлаб ишлаб, охир топганинг таънаю танбеҳ бўлса – алам қилмайдими?

Бир-икки йилда сочим қув оқарди. Қон босими пайдо бўлди. Сал нарсага жаҳлим чиқади, бақироқ бўлиб қолдим. Демак, «етилибман» деб қўйдим ичимда. Гоҳо Шароф ака билан юзма-юз бўлганда, «Энди бизга жавоб бера қолинг, бу ёғини соғлиқ кўтармаяпти» деган гапни айтиб юборай дейман. Айтолмайман. Ёмон фикрга бормасин, деб номус қиламан.

Барибир бўладиган иш бўлмай қолмас экан. Томчи тош тешади, деган гап бор. Кўзёшдай томчи чак-чак этиб томиб тураверса, бир куни уйдай тошни ҳам тешиб юборади охири…

Мени ишдан олишди, партиядан ўчиришди. Бироқ менинг қўрқадиган ерим йўқ. Ҳаром ишга қўл урмаганман. Билганларини қилсин, деб уйга кириб ётиб олдим.

— Бояги ярим йўлда қўшилган қариндош-уруғларингиз тўсатдан ғойиб бўлган бўлса керак?

— Албатта. Кунига икки марта телефон қилиб, ҳафтасига йўқлаб турадиган қадрдон «дўстларим» ҳам қорасини кўрсатмай кетди. Лекин мен мансабда ўтирганимда деярли йўқламаган, бирон нарса сўрамаган оғайниларим бошимга оғир кун тушганда ҳол сўраб келишди. Ана шунда мен чин дўст билан ёлғон дўстнинг фарқига бордим. Мол дўстинг бошқаю жон дўстинг бошқа, деб шунга айтсалар керак-да.

— Шароф Рашидович ҳам йўқлатмадими?

— Йўқлатди. Ишдан бўшаганимга икки ойми, уч ойми бўлганди. Уйда ётавериб зерикдим. Ўз соҳам бўйича бир иш топиб эрмак қилиб юрувдим. Бир куни Марказқўмдан уйга телефон қилишди. «Сизни Шароф Рашидович йўқлаяптилар», деди эскидан таниш овоз… Эртасига Шароф аканинг қабулхонасига кириб бордим.

Шароф ака худди ҳеч нарса бўлмагандек кулиб кўришди. «Қалайсиз энди, Тўланбой?» деб ҳол сўраган бўлди. Мен «раҳмат»дан нарига ўтолмай ерга қараб ўтиравердим.

— Ҳамма нарсадан хабарим бор, — деди Шароф ака, — комиссия сизнинг ишингиздан жиноят белгиларини тополмади. Мен сизнинг ҳалоллигингизга ишонардим. Хатоларингизга келсак, ёшлик қилдингиз, тажрибасизлик қилдингиз, кўнгилчанлигингиз ҳам бор экан. Аслида биздан ҳам жиндай хато ўтибди. Сизнинг елкангизга бирданига катта юк қўйиб юборибмиз. Тошкентнинг юкини унча-мунча одам кўтаролмайди. Лекин ўкинманг. Одам мана шундай аста-секин пишади. Тўрт оёқда юриб арғумоқ от қоқиладию. Сиз ҳали ёшсиз. Сиз учун ҳаётнинг қизиғи олдинда.

Шароф ака хайрлашар экан, биринчи куни айтган гапини такрорлади:

— Бизнинг эшик сиз учун доим очиқ. Бирор илтимос бўлса, тортинмай келаверинг.

Шу бир оғиз гап менга етарли эди. Кўнглим тоғдай кўтарилди. Лекин Шароф ака билан қайтиб кўришмадик. У кишини безовта қилишга ҳаққим йўқлигини билардим.

Қаҳрамонимнинг илтимосига кўра унинг исмини очиқ айтмаган эдим. Энди айтиш мумкин. У – Тельман ­Абдуллаев, инженер, фан номзоди. Тельман ака Самарқанд университетининг биринчи ректори Карим Абдуллаевнинг ўғли. Карим ака ўттизинчи йилларнинг охирида туҳмат билан қамалди ва кейинчалик тўла оқланди. Тельман ака ҳозир ҳаётлар.

Саъдулла СИЁЕВ

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *