Яқинда телевизорда бир кино кўрдим. Тўртинчи синфни тугатган болани отаси рақс мактабига олиб борди. Савол-жавоблар натижасида у имтиҳондан ўта олмади. Лекин ҳакамлар ҳайъати аъзоларига бу камгап, оғир-босиқ боланинг «нимасидир» ёқиб қолди. Чиқиб кетаётганида ҳайъат раиси ундан сўраб қолди: «Сен рақс тушаётганингда нимани уйлайсан?”. Бола ўйланиб жавоб берди: «Аввалига бироз эсанкираб тураман, ўзимни очилаётган гулга ўхшатаман. Рақсга туша бошлашим билан ҳамма нарсани унутаман, хаёлан қушга айланаман. Кейин эса учавераман, учавераман…».

Болакайнинг жавоби ҳаммани лол қолдирди. У уйига имтиҳондан ўтолмадим, деб кириб борди. Икки ҳафтадан кейин унга рақс мактабига қабул қилингани ҳақида хабарнома келди… Кейинчалик, шу бола рақс бўйича жаҳонга танилган моҳир раққос бўлиб етишди. У ўзи севган касб бўйича шуғулланаётганда ҳамма нарсани унутиб, бутун борлиғи билан киришиб кета олгани учун рақс мактабига қабул қилинди, танлаган касбига эришди ва мақсадига етди. Бу қатъиятли инсон умридан жуда ибратли бир лавҳа.

Шу лавҳа таъсирида фикрларимни йиғиб, сенга мактуб ёзишга қарор қилдим. Иқтисодчи бўлмоқчи экансан, талабалик даврингда (тўрт йил жуда катта вақт ва имконият) ҳамма нарсани унутиб, бутун вақтингни, имкониятингни, куч-ғайратингни шу касбнинг барча икир-чикиригача пухта эгаллашга сарф­лашинг керак! Унутма, ҳар йили минглаб касб эгалари, шу жумладан, иқтисодчилар ҳам ўқишни тугатиб, катта ҳаётга қадам қўйишади. Лекин уларнинг айримлари хорижда тентираб, дуч келган ишни қилиб, кун кўришга мажбур бўляпти. Ҳатто дипломли, касби бўйича олий маълумотли бўлса-да, билимсиз ва қалбан нотавон, сўқирлиги учун субутсиз гуруҳларга қўшилиб, ватангадо бўлганлар, азиз умрига завол келтирганлар бор. Бундайлардан Яратган эгамнинг ўзи асрасин, лекин шундай гумроҳлар ҳам орамиздан чиқиб қоляпти. Сабаби битта: улар қоғоздагина олий маълумотли бўлиб, ўзини, билимини, ғурурини ҳимоя қила олмай, тўрт йил вақт сарфлаб ўрганган касбини улуғлай олмаган, савиясиз ва тутуриқсиз кимсалардир.

Унутма, баъзилар учун вақт умр ўлчовигина холос, аслида эса, вақт – табиат инъом этган улкан имконият. Агар сен ҳам тўрт йилдан кейин ўзингни шулар орасида кўришни истамасанг, сўзларимга қулоқ сол. Мутахассислар аниқлашича инсоннинг асаб тизими 14 триллион ҳужайрадан иборат экан. Лекин умри давомида унинг 12-15 фоизидангина фойдаланар экан, холос. Бу табиат бизга ато этган улкан захира, мислсиз имконият. Лекин, афсуски, бу имкониятнинг 85 фоизидан кўпи қандай яратилган бўлса, шундайича қолиб кетар экан. Бунинг ҳам сабаби бор…

Бекорга инсон миясини ёнғоқга ўхшатишмайди. ўадир-будур, чексиз бурмалар… Бобомнинг бобоси қайси бурмалардан фойдаланиб яшаган бўлса, бобом ҳам, отам ҳам, мен ҳам шу бурмалардангина фойдаланганмиз, холос. Ота-она, ака-опа, устозлар нимани ўргатган, қайси бурмалардан фойдаланган бўлса, биз ҳам ўшангагина эга бўляпмиз. Ижодкорлик, яратувчанлик, бунёдкорлик билан янгиликлар яратиш, яшин тезлигида ўсиб бораётган даврга мос, комил инсон бўлиб етишиш учун миямизнинг бошқа бурмаларидан ҳам фойдаланмоқ зарур. Нариги бурмага – жилғага ўтиш учун аввал яқин тепаликга чиқиб олишимиз керак бўлади. Бунинг учун табиат бизга ато этган куч-ғайрат, ирода, сабот ва матонат каби хусусиятларни ишга солиш керак. Тепага чиқиб олсанг, биласанми, нариги жилғада нимани кўрасан? Қатор-қатор, янги, оҳори тўкилмаган, «евротаъмир»дан чиқарилган, ҳали фойдаланилмаган «омборхоналар»ни кўрасан.

Эҳ-ҳе, ана шунча омборхона бўш турганда биз ота-она, устозлар очиб берган бир нечагина омборхонага, бир умр топган-тутганимизни пала-партиш қалаштириб ташлайверамиз. Яна, ҳар бир омборхона олдида «тепса тебранмас» омборчилар мудраб ўтирибди. Янги нарсаларни олиб борингчи, улар осонликча қабул қилишармикан? Ҳе, йўқ! Сиздан қабул қилиб олиб қаерга ҳам қўйишади?… Шунинг учун ёш ўтган сари, миянинг қабул қилиш қобилияти сусаяр экан.

Сен ана шу янги омборхоналардан бирини очиб тепасига «иқтисод» деган ёзувни илиб, мавжуд омборларда йиғилган иқтисодга доир «нарсалар»нинг ҳаммасини йиғиштириб келиб, тартиб ила жойлаштиришинг билан, бу омборхона эшигида ҳам омборчи-қоровул пайдо бўлади. Лекин у ёш, навқирон, соғлом, зукко, абжир, талабчан бўлади ва у доим сендан омборхонада етишмайдиган нарсаларни олиб келишни «талаб» қилиб туради.

Одам қанча кўп ўқиса, ўрганса шундагина билмаган нарсалари кўплигини тушуниб етади ва уни ўрганишга эҳтиёж сезади. Сен институтда ўқиётган пайтингда ана шу «иқтисод» омборини барча керакли манбалар билан тўлдириб бўлишинг керак. Она табиат сен учун яратиб қўйган бешта хазина бор: 14 триллион асаб толалари, хаёл кучи, ақл кучи, ишонч кучи ва руҳий кучлар. Хаёл – табиатда мавжуд энг катта тезлик, яъни атомдан ҳам катта тезликда ҳаракатланадиган «асов от». Уни фақат илм, тафаккур, борлиққа, хақиқатга таянган АҚЛгина бошқара олади. Демак, ҳар томонлама пухта билимга эга бўлмоғинг керак! Шундагина «асов от» измингда бўлиб, 85 фоиз имконият сари «юриш» қилишинг, бунёдкор, мўъжизакорга айланишинг, ишонч ва мустаҳкам руҳий кучга эга бўлишинг мумкин.

Бунинг учун, албатта, ўйин-кулги, тўй-томоша, кеча ва учрашувлар, компьютер ва телефонда ортиқча банд бўлишлардан воз кечиш керак. ўалаба қурбонсиз бўлмайди! Бир вақтлар ҳурматли домлам менга таъкидлаганидек, ҳозир ҳамма нарсани унутиб каллага билим тўплаш керак, билим! Бўйнингни бақувватлиги – билимдан. Каллада билим бўлсагина бўйин уни «ғоз» тутиб тура олади. Шундагина орзу-умидларинг амалга ошади, мақсадингга етасан. Ўзинг­га нисбатан катъий ишонч ҳосил бўладики, бу ишонч кучи келажагингни, тақдирингни, бахт-иқболингни белгилаб беради. Шунда омад сенга кулиб боқади, сен ғалабага эришасан.

Мен ота касби, она касби, ген, хромосома, насл каби нарсаларни тан олгим келмайди. Инсон ўзининг дангасалигини, ялқовлигини хаспўшлаш учунгина бу ибораларни ўйлаб топгандек… Ҳар бир авлод ўзидан олдинги авлодга нисбатан катта устунликка, куч-қудрат ва имкониятга эга бўлмоғи керак. Бунинг учун, албатта, миянинг кейинги бурмалари – имкониятлари, сир-асроридан воқиф бўлиш керак. Янги “омборхона”да пайдо бўлган қоровул ҳам осмондан тушмайди. Ақл кучи билан хаёл кучи бирлашиб, руҳий кучни вужудга келтиради. Сенинг қоровулинг – сенинг руҳий кучинг. Қанча мус­таҳкам руҳий кучга эга бўлсанг, шунча катта муваффақиятга эришаверасан. Унутма! Сенга ҳар лаҳза «ялқовлик» деб аталувчи маслаҳатгўй ҳамроҳлик қилади. Жиндай ён берсанг бас, учқур отинг – хаёл деб аталган жонажон дўстинг «ишчан омборчингни» йўлдан уриб, ўзига оғдириб олади. У ҳолда ҳаёт, умр ўтаверади ва сен ҳеч нарсасиз, қўлингни бурнингга тиқиб қуруқ қолаверасан.

1983 йилда АҚШлик олима Барбара Мак Клинтон ўз тадқиқотларида «ген»лар ўзгарувчи эканини исботлаб, бу тад­қиқоти учун Нобель мукофотига сазовор бўлди. Демак «ген» ўзгарувчи, яъни инсон ўз қобиғидан чиқиб кетишга дадил уринса, интилса бас…

Хўш, инсонда «ген» ўзгармас деб тан олдик ҳам дейлик, бу ҳолда бизнинг қонимизда, генимизда, хромосомамизда, насл-насабимизда Авесто, Мангуберди, Амир Темур, Беруний, Сино, Форобий, Жомий, Навоий, Хоразмий, Улуғбек, Рустам, Алпомиш каби алломаю паҳлавонларнинг қони оқаётганини ҳисобга олсак, бизнинг ёшларимиз гени дунёдаги энг илғор, фаол, бунёдкор, ижодкор генлардан дейишга ҳақлимиз. Демак, бизнинг билимли, ғайратли, ижодкор ёшларимиз учун бу жиҳатдан ҳам дунёни билиш, илмли бўлиш, улкан кашфиётлар яратишга куч-қудрат, имкониятлар етарли эканини кўрсатиб турибди.

Ҳаёт мазмуни тежамкорликдан иборат. Вақт иқтисоди, мол, пул, товар иқтисоди, энергия, куч-қудрат ва ҳоказо иқтисодлар. Жиндаккина тежамкорлик билан қуп-қуруқ жойда олтин тоғ бунёд қилишинг мумкин, ва жиндаккина исрофгарчилик билан, олтин тоғ устига ўтирғизиб қўйса ҳам, озгина фурсатда бу тоғни барбод килишинг мумкин. Иқтисод – бу нималаргадир эгалик қилиш имконияти ҳамдир. Мол, пул, бойлик, куч- қудрат, иззат-ҳурмат, соғ­лик, фаровонлик, мустақиллик, обод­лик, тотувлик, бахт ва ўзингга бўлган ишонч кучи.

Аниқ мақсад, қатъий ишонч шундай кучки, у инсоннинг ички имкониятлари – ички энергияси, куч-қудратини ишга солиб, ижодкорлик, яратувчилик, бунёдкорлик, улуғворлик ва мўъжиза яратиш сари етаклаб, охир-оқибат кўзлаган мақсад-муддаосига, ғалаба марраларига, бахт-иқболга етказади.

 

Дадажон ДОМЛАЖОНОВ,

олий тоифали ўқитувчи.

Наманган вилояти, Косонсой тумани

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *