Ҳар бир миллатда бўлгани каби бизнинг ҳам ўз қадриятларимиз, одоб-ахлоқ қоидаларимиз, менталитетимиз, турмуш тарзи, урф-одат ва анъаналаримиз, маросимларимиз бор. Асрлар давомида шаклланиб, сайқалланиб бизгача етиб келган халқимизнинг маънавияти ва маданиятидан дарак берувчи ушбу анъаналарни эъзозлаб, ҳурмат қилганлар ҳусни хулқ эгаларидир. Афсуски, сўнгги йилларда андиша, ҳамият, уят, ор-номус, виждон, самимият, сахийлик, ростгўйлик, соддалик, катталарга ҳурмат каби энг қимматли   инсоний туйғулар камёб бўлиб бораётгани, соф туйғулар ўрнини худбинлик, шафқатсизлик, ҳасад, манманлик, кибру ҳаво эгаллаб олаётгани сир бўлмай қолди. Бу каби иллатларнинг урчиши, шубҳасиз, ёшлар маънавиятининг қашшоқлашига сабаб бўлади.

 

Энг ачинарлиси, санъат аҳлида, хонандаларда ана шу иллатлар тобора бўй кўрсатаётир. Ваҳоланки, айнан улар фаолияти кўплаб мухлисларнинг, халқнинг эътиборига тушади. Санъаткор, ҳусусан, хонанда элга танилдими, унинг хатти-ҳаракати, муомала маданияти, кийиниши, хулқи, одоби, сўзлаётган сўзигача эл назарида бўлади. Айниқса, бугунги кун ёшлари   ўзига ёққан хонандага тақлид қилади. Дейлик, унинг қўшиғи матнига, ижросига, истеъдодига эмас, кийиниши, соч турмаклари, ташқи қиёфасига кўпроқ аҳамият беришади. Яъни шакл мазмундан устун келади. Сабаби, мазмунни тўла-тўкис англаш учун ёшларнинг диди, савияси, мушоҳада маданияти ҳали тўла шаклланмаган бўлади.

Хўш, хонандалар масаланинг бу жиҳати ҳақида ўйлаб кўришадими? Афсуски, хонандаларнинг ўзлари бугун тарбияга муҳтож. Битта қўшиқ куйлаб-куйламай манманликка, кибру ҳавога берилиб кетаётган, ўзидан бош­қани назар-писанд қилмайдиган ёш хонандалар кўпайиб боряпти. Яқинда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Азим Муллахонов бир воқеани гапириб берди. Муҳриддин Холиқов базм­ларда, тўй-томошаларда бирон истеъдодли хонанда ё созандани учратиб қолса, дарров уни чақиртириб, бир қўшиқ куйлаб беришини ё соз чалишни илтимос қилар экан. Агар росмана истеъдодли бўлса, бир мухлис сифатида тан бераркан. Таниқли санъаткорларнинг деярли ҳаммасида учрайдиган бу каби тантилик, беғуборлик, ёшларга иззат-ҳурмат, албатта, ҳар бир хонанда учун ибрат бўлмоғи керак. Бироқ ёш хонандалар устозлардан маслаҳат олиш, бирор қўшиқни изн сўраб айтиш, хато қилган бўлса узр сўраш каби шарқона одоб-ахлоқ меъёрларига риоя этишмаяпти. (Мумтоз ашулачилик йўлида таҳсил олаётган айрим ижрочилар бундан мустасно.)   Масалан, ёш хонанда Шоҳруххон   Муҳриддин Холиқовнинг “Комила қиз” қўшиғини бузиб ижро этди. Қўшиқ ўртасида реп йўналиши ҳам учрайди. Ҳолбуки, устоз санъаткор мукаммал ижро этган қўшиқни бузиб айтишга маънавий ҳаққи йўқ эди.   Бундай пайт­да ё аслидагидек қойиллатиб айтиш, ё бўлмаса, мутлақо бошқа мусиқага солиш керак. Очиғи, бугун саҳнага чиқаётган ёшларнинг иддаолари жуда катта. Яқинда бир режиссёр акамиз куюниб гапириб қолди. Хонанда Жасур Умиров концерт дастурида коптокни саҳнадан туриб мухлисларига тепиб улоқтирибди.   Копток кимнинг қўлига тушса, ўшаники бўлибди. Бу манзарани қандай изоҳлаш мумкин. Қани бу ерда саҳна одоби, унинг муқаддаслиги! Кези келганда, Жаҳонгир Фозилжоновнинг “Тошканжон — Андижон”, “Жонона”, “Зеро” гуруҳининг “Йўқ проб­лем” каби хиргойилари (қўшиқ деб бўлмайди) ҳам ҳеч қандай бадиий қийматга эга эмаслигини айтиш жоиз.

Тўй-томошаларда навбат талашиб, ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам ҳурмат қилмайдиган айрим хонандалар ҳақида эшитиб қоламиз. Сен эмас мен, деб навбат талашаётган хонандаларда қани ғурур, қани ўзаро ҳурмат?! Таассуфки, бугун тўғри танқид хонандаларга ёқмай қолган. Агар одоб, андиша ҳақида бирон-бир сўз очиб қолсанг, дарров энсаси қотади. Бу ҳам одобсизликнинг бир кўриниши. Кузатувларимиз жараёнида яна бир “ғалати” ҳолатга дуч келдик. Бир тўйда бошловчи номи чиққан ёш хонандалардан бирини даврага таклиф қилди. У ҳадеганда чиқавермади. Бошловчи хонандага қараб, чиқинг деса, у қарсак кам бўлди, кўпроқ чалишсин, кейин чиқаман, деб ноз-истиғно қилиб тураверди. Бошловчи уни кўкларга кўтариб, яна даврага чорлади. Бу сафар ҳам чиқмади. Хуллас, учинчи марта чорловдан сўнг манманлик билан атрофга аланг-жаланг қараб даврага чиқиб келди. Воқеадан ўзингиз хулоса чиқариб олаверинг. Ўрни келганда   ҳазрат Алишер Навоийнинг “Ҳайрат ул-аброр” достонидан қуйидаги фикрларини келтиришни лозим топдик: “…Аммо хонанда ва созандаларнинг саёқлари, гарчи ғамни тарқатувчи, шодлик тарқатувчи бўлсалар ҳам, ҳақиқатда пасткаш ва тиланчилардир. Бундай ашулачи ва чолғучилар зорланиб ва ялинчоқлик билан пул топадилар… Уларнинг кўпчилиги ахлоқсиз, бадфеъл, қолганлари ҳам ўлгудай қайсар ва дағал сўзли бўладилар. Ҳаракатлари ҳаддан ташқари тутуруқсиз сўзларидек, гаплари эса бемаҳал нозларидек, улар вафо деган фазилатдан бенасиб қолганлар….”. Бундан ортиқ изоҳ ва таъриф бўлмаса керак.

ХI асрда яшаган Кайковуснинг маш­ҳур “Қобуснома” асарида (“Ҳофиз ва созандалар” бобида) айнан хонандаларга ибрат бўладиган панд-насиҳатни ёзиб қолдирган: “Эй фарзанд, агар ҳофиз бўлсанг, хушфеъл, қувноқ бўл, ҳамиша пок, хушрўй ва хуш забон бўлғил ва ўз ишингга машғул бўлғил, ярамас хулқ, қўпол башара бўлмағил…”

Санъаткор одоби ҳақида сўз юритар эканмиз, бу борада   устоз санъаткорларнинг ҳаёт йўлига ҳам бир қур назар солсак ёмон бўлмасди.

Халқимизнинг севимли санъаткори, Ўзбекистон халқ артисти   Комилжон Отаниёзовнинг ушбу ҳикматли, ибратомуз сўзлари ҳам бугунги ёш хонандаю созандалар учун қимматлидир: “Кибру ҳавога, манманликка берилган хонанда эл назаридан тез тушади. Одамлар унинг ўзини ҳам, қўшиғини ҳам соғинмай қўяди. Бундан ёмони йўқ!

Санъат кишиси адабиётни билиши, кўп китоб ўқиши, шоирлар, адиблар билан тез-тез мулоқотда бўлиб туриши керак”.

Хуллас, санъаткор том маънода зиёли шахс бўлиши зарур. Шуни назарда тутиб “Ўзбекконцерт” давлат муассасасида санъаткор одоб-ахлоқи, кийиниш, муомала маданияти, тўй-ҳашамларда ўзини тутиши хусусида йўриқнома ло­йиҳаси ишлаб чиқилди. Ушбу мавзуларда давра суҳбатлари ва учрашувлар мунтазам ўтказиб бориляпти. Баъзи хонандалар билан алоҳида суҳбатлар ўтказилиб, “оммавий маданият”ни ­тарғиб этишга хизмат қилаётганлар лицензиядан маҳрум қилиняпти.

Бизга кўпинча миллий менталитетимизга, одоб-ахлоқ меъёрларимизга тўғри келмайдиган клиплар экранларга чиқиб кетаётгани, умумий овқатланиш муассасаларида, поездлар, автобусларда кўрсатилаётгани ҳақида эътирозлар билдирилади. Аввало шуни айтиш керакки, “Ўзбекконцерт” клипларни назорат қилиш ҳуқуқига эга эмас. Бу ерда фақат қўшиқ ва рақсларга лицензия берилади. Агар бемаъни клиплар телеэкран орқали кетаётган бўлса, унда шу каналларнинг бадиий кенгаши жавоб бериши керак. Қўшиқлар ҳақида ҳам шу гап. Лицензия хонандага репертуаридаги барча қўшиқлар учун берилмайди. Бу кенгашда таниқли санъаткорлар, шоирлар, мутахассислар иш олиб боради. Лицензия олувчи кенгашга уч-ёки тўртта қўшиғини олиб келади ва булар аксарият талабга жавоб берувчи ижролар бўлади. Радио, телевидениедаги масъул шахслар лицензияси бор экан, деб хонанданинг истаган қўшиғини бериб юбормаслиги керак. Ахир, улардаги Бадиий кенгашларда ҳам мутахассислар бор. Наҳотки қўшиқнинг фарқига боришмаса?!

Энг аввало, ҳар бир хонанда айтаётган қўшиғининг эгаси. Асосий масъулият унинг зиммасида. Истеъдод Яратганнинг унга инъоми. ­Истеъдодини қадрламас экан, ўзи ҳам қадрини йўқотади. Таниқли ҳофиз Фахриддин Умаров айтганидек: “Ҳақиқий санъаткор дидли, фаҳм-фаросатли бўлади, ўз ўрнини билади, қадр-қимматини туширмайди… Санъат даргоҳини муқаддас деб билади. Санъат ўз ишига ­фидойи инсонларни улуғлайди”.

 

Матлуба МАҲКАМОВА

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *