Халқимиз қалам аҳлини ҳамиша эъзозлаб келган. Бироқ яқин ўтмишда бўлгани каби “Ҳақиқий истеъдодлар ўзига йўл топиб кетаверади”, деган тушунча ҳар доим ҳам ўзини оқлайвермас экан. Бу яқин ўтмишимизнинг аччиқ хулосаларидан бири. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йил 3 август куни мамлакатимиз ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувдаги маърузасида “Инсон қалбини, унинг дарду ташвишларини, халқнинг орзу-интилишлари, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини бетакрор сўз, оҳанг ва рангларда тараннум этишни ўз ҳаётининг маъно-мазмуни деб биладиган муҳтарам ижод аҳлининг меҳнати нақадар машаққатли, масъулиятли ва шарафли эканини барчамиз яхши биламиз”, деб таъкидлаганлари бежиз эмас.

Дарҳақиқат, бозор иқтисоди шароитида ҳар қандай меҳнат, бинобарин, истеъдод вакилларининг ижодий меҳнати ҳам муносиб рағбатлантирилишида ҳикмат кўп. Ҳаётда ҳеч нарса ўз-ўзидан юзага келмайди. Шу маънода давлатимиз раҳбарининг ижод аҳли билан учрашуви ва дилдан мулоқот қилиши уларнинг кўнглини тоғдек кўтарди. Қалбларига ғайрат ва завқ улашди. Ёзувчилар уюшмасига ижод аҳлидан келаётган мақолалар, эътироф, истак ва таклифлар мазмунидан кўтаринки ижодий руҳни англаш қийин эмас. Кино, театр, адабиёт ва журналистика соҳасида фаолият юритаётган адиблар, Президентимизнинг ғамхўрлиги ва эътибори учун ўз миннатдорликларини изҳор этишмоқда.

– Ҳаётдан завқланувчи шоир ёзган шеър ҳам завқли бўлади, – дейди устоз адиб Муҳаммад Али. – Бадиий асарни ижодкор кўнглига тутилган ойнага қиёслаш мумкин. Шу нуқтаи назардан олиб қаралса, турмушидан кўнгли тўқ ёзувчи асарининг мағзи ҳам тўқ бўлади. Муҳтарам Президентимиз адабиёт, умуман, ижод аҳли муаммоларини ҳаммамиздан кўпроқ билишлари, уларнинг ечими йўлида қанчалик жонкуяр эканликларини кўрдик. Маърузаларида жуда кўп муаммолар қамраб олинди.

Атоқли ёзувчимиз Худойберди Тўхтабоевнинг бир вақтлар ҳазил аралаш айтган мана бу сўзлари ҳам бежиз эмасди: “Ҳошимжон менга ўғил қатори бўлди. Унинг орқасидан уй қилдим, тўй қилдим, машина олдим. Бугун эса битта китоб чиқариш учун шуларнинг барини сотишга тўғри келади”… Адибларимиз айни донишмандлик ва ижодий балоғат палласи бўлмиш нафақа даврида асар ёзса, ё гонорардан ёки пенсиядан воз кечишга мажбур бўлган эди. Учрашувда Президентимиз ижодкорларни узоқ вақтлардан бери қийнаб келаётган бундай муаммоларни ҳам тилга олиб, уларнинг ечимини кўрсатиб берди. Бугун фидойилик ва шижоат билан ижод қилаётган адиблар қувончини ҳис этиш қийин эмас. Кўнгиллар чароғон, ижодий жўшқинлик. Ҳар бир ижодкор билан гаплашсангиз, янги-янги режалардан гап очади…

“Бугун маърифатли дунёда шундай анъана мавжудки, йирик компаниялар, банклар, фирмалар маданий ташкилотларга ҳомийлик қилишни ўзлари учун шараф деб биладилар. Баъзан, қани эди, бизда ҳам шундай ҳомийлар кўпайса, деб орзу қиламан. Аждодларимиз ўз даврида яратган илмий ва ижодий мактабларнинг вужудга келишида аввало ана шундай маърифатпарвар ҳомийларнинг ҳиссаси ҳал қилувчи аҳамият касб этгани яхши маълум. Шундан келиб чиққан ҳолда, яна бир таклифни ўртага ташламоқчиман. Юртимиздаги етакчи ижодий ташкилотларнинг “Дўстлар клублари”ни ташкил этсак, уларга йирик корхона, банк ва компанияларни ҳомий сифатида бириктириб қўйсак, шартнома асосида уларнинг доимий ҳамкорлигини йўлга қўйсак, нима дейсизлар?”. Муҳтарам Президентимизнинг бу таклифи учрашув аҳли – барча ижодкорлар томонидан катта хайрихоҳлик билан кутиб олинди.

Халқимиз бежиз “Қаторда норинг бўлса, юкинг ерда қолмайди”, деб айтмайди. Адабиёт ва маърифат – кўнгилларни, элларни ўзаро боғловчи буюк восита. Молия-иқтисод соҳасида, хусусан, акциядорлик тижорат “Халқ банки” тизимида ҳам адабиёт ва ижод аҳли билан мулоқотларга доимий эҳтиёж мавжуд. Шу боис ижодкор зиёлилар вакиллари билан учрашувдан сўнг “Халқ банки” томонидан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан дўстлар клуби ташкил этилиб, адабиётни ривожлантириш, адибларни қўллаб-қувватлаш борасида муайян тадбирлар белгилаб олинди. Қалам аҳли ва банк ходимлари ҳамкорлигини “Маънавият ва иқтисод уйғунлиги” деб таърифлаш ўринли бўлади! Банк жамоаси фақат ҳисоб-китоб илмида эмас, адабий мавзуларда ҳам чуқур фикрловчи мухлислар эканлиги адибларни қувонтирди. Соҳа вакиллари орасида бадиий ижодга қизиқувчи ҳаваскор қаламкашлар борлиги нур устига нур. Тез орада Ёзувчилар уюшмаси, Журналистлар ижодий уюшмаси, Республика акциядорлик тижорат Халқ банки, Бадиий академия ва Бастакорлар уюшмаси ўртасида “Дўстлар клуби” тузилди. Клубни ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилди. 2017-2018 йиллар давомида бу концепцияни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Яхши ниятлар кўп, режаларнинг айримлари эса қуйидагилардан иборат:

– Халқ банки вакиллари ва Ёзувчилар уюшмаси аъзолари билан вилоятларда ижодий учрашувлар ўтказиш;

– Халқ банки вакиллари ва Ёзувчилар уюшмасининг “Дўстлар клуби” ҳамкорлигида ёзувчиларнинг юрт бўйлаб саёҳатини уюштириш, уларни вилоятлардаги музейлар, тарихий обидалар, йирик ишлаб чиқариш корхоналари, саноат мажмуалари билан яқиндан таништириш;

– Истеъдодли ёш таржимонларни тайёрлаш, ўзбек адабиётининг етук намуналарини хорижий тилларга, жаҳон адабиётининг сара намуналарини ўзбек тилига таржима қилиш;

– Ёзувчилар уюшмаси қошида Бадиий таржима маҳорат мактабини ташкил этиш, унинг моддий-техник базасини яратиш, малакали мутахассисларни жалб этиш;

– Уюшманинг халқаро адабий алоқаларини ривожлантириш, қардош давлатлар ўртасида “Адабиёт кунлари”ни ўтказиш;

– Таниқли адибларнинг хорижий мамлакатларга ижодий сафарларини уюштириш, қардош халқлар, қўшни юртлар ва чет мамлакатлардаги адибларнинг уй-музейлари, тарихий обидаларга саёҳатини ташкил этиш (илк сафарни ҳазрат Алишер Навоийнинг Ҳиротдаги қабрини зиёрат қилишдан бошлаш таклиф этилади);

– Адибларимизнинг хорижий мамлакатларда ўтказиладиган адабий анжуманларда иштирокини таъминлаш, шу орқали миллий адабиётимизни янада ривожлантириш ва тарғиб этиш, ижодкорларимизнинг бадиий тафаккурини кенгайтириш;

– Уюшма поликлиникасини янги рентген аппарати ҳамда ИФА лаборатория ускунаси (қондаги вирусли инфекциялар ҳамда қондаги гармонларни текшириш учун) билан таъминлаш ва ҳоказо…

Халқ банки томонидан Уюшма тавсиясига биноан 20 нафар кам таъминланган ва моддий имконияти чекланган ижодкорнинг олий ўқув юртларида таҳсил олаётган фарзандларига имтиёзли таълим кредитлари ажратиш белгиланди. Ўн нафар ижодкорга имтиёзли истеъмол кредитлари ажратишга келишиб олинди. Фаол тўққиз нафар ижодкорга Халқ банкининг “Бўстонлиқ” дам олиш масканига оилавий йўлланма ажратилди.

Банкнинг вилоят ва туман (шаҳар) филиалларида таниқли ёзувчи ва шоирлар билан ижодий учрашувлар ташкил қилинмоқда, шунингдек, Ёзувчилар уюшмаси томонидан эллик номдаги китоб банкнинг Маънавият хонасига тақдим этилди. Уюшма муассислигидаги адабий нашрларга Халқ банки ходимлари ва банк мижозларининг обунаси ташкил этилмоқда.

Куни кеча Халқ банки ходимлари, бир гуруҳ ёш ижодкорлар ҳамда Ёзувчилар уюшмаси қошидаги “Онажоним шеърият” тўгараги аъзоларининг ўафур ўулом уй-музейига экскурсияси уюштирилди. Атоқли қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллиги олдидан Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон-Қирғизистон дўстлик жамияти, Халқ банки ҳамда ЎзМУ қошидаги Чингиз Айтматов маркази ҳамкорлигида йиғилиш бўлиб ўтди.

Юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишиш, Самарқанддаги тарихий обидалар ва муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш мақсадида бир гуруҳ таниқли ёзувчилар, шоирлар Халқ банки  томонидан ташкил этилган автобусда Самарқанд шаҳри бўйлаб ижодий сафарда бўлиб қайтишди. Сафар давомида маънавият масканларида китобхонлар билан ўтказилган ижодий учрашувлар ва давра суҳбатлари мухлисларда катта таассурот қолдирди. Ёзувчилар уюшмаси билан Халқ банки “Дўстлар клуби” ҳамкорлигида пахтакорлар ва ҳашарчилар ҳузурида ижодий учрашувлар, маънавий тадбирлар ўтказилмоқда. Халқ банкининг Қорақалпоғистондаги бошқармаси ва Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси “Дўстлар клуби” томонидан ҳам ижодий учрашув ва маданий тадбирлар уюштириляпти.

Ёзувчилар уюшмаси Қашқадарё вилояти бўлими ва Халқ банки вилоят бўлими ҳамкорлигида Қарши тумани далаларида пахта тераётган банк ходимлари билан ижодий учрашув ташкил этилди. Шоирлар Ўроз Ҳайдар, Али Ниёз ва Нилуфар Умарова теримчи ҳашарчиларга шеърларидан ўқиб беришди. Тадбир сўнгида энг илғор теримчиларга Халқ банки вилоят бўлимининг қимматбаҳо совғалари топширилди.

Яқин ҳамкорликда ўтказилаётган бундай кенг қамровли ва сермазмун тадбирларимиз кўп. Айтиш керакки, булар – ҳамкорликнинг илк босқичидан айрим лавҳалар, холос.

Ҳа, қалам аҳлининг жўшиб, тўлиб-тошиб ижод қиладиган вақти келди.

* * *

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан Халқ банки “Дўстлар клуби” ҳамкорлигида Андижон вилоятининг Асака, Олтинкўл, Андижон, Бўз туманларида пахтакорлар ва ҳашарчилар ҳузурида ижодий учрашувлар, маънавий тадбирлар бўлиб ўтди.

* * *

Шундай тадбирлар Қорақалпоғистонда яшаб ижод қилаётган адиблар, шоирлар ва Халқ банки ходимлари иштирокида Нукус шаҳри, Хўжайли ва Шуманай туманларида ҳам ўтказилди.

Қорақалпоғистон халқ шоири Халила Давлатназаров, Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Алланазар Абдиев, шоирлар Жуманияз Ўтаниязов, Ҳайитбой Абдусодиқов, ёзувчи Маҳмуджон Абдуллаев фаол иштирок этди.

 

Бахтиёр Ҳайдаров,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *